Читать книгу Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш онлайн
Корхонада ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати бош инженер тасдиқлайдиган рўйхат асосида олиб борилади. Ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати асосида корхонада буйруқ чиқарилади ва стандартларни тадбиқ этиш ташкилий-техник тадбирлари режаси тасдиқланади.
МХСТ-ни корхонани таркибий бўлинмалари ва хизматларида тадбиқ этилишини назоратини корхонани меҳнатни мухофаза қилиш хизмати олиб боради.
Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қуйидаги ҳужжатлар:
меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилиш, санитар-соғломлаштириш тадбирлари бўлими бўлган жамоа шартномаси;
иш жойларини аттестациялаш ҳаритаси;
меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг чораклик иш режаси;
ишлаб чиқаришга стандартларни тадбиқ этиш далолатномалари;
ишчилар ва инженер-техник ходимларни меҳнат хавфсизлигидан ўқитиш, йўл-йурик бериш ва билимларни текшириш дастурлари;
корхона раҳбарлари ва инженер-техник ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича лавозим мажбуриятлари;
корхонани барча касб ишловчилари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маҳаллий йўриқномалар ва бошқалар ишлаб чиқилади ва юритилади.
1.6. Меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатининг назорати
Меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳолати ва ишлаб чиқаришда хавфсизлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши устидан давлат, тармоқ ва жамоа назорати ўрнатилган.
Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари риоя қилиниши устидан давлат текшируви ва назоратини, корхона маъмурияти фаолиятига боғлиқ бўлмаган, давлат органлари: Меҳнат вазирлиги меҳнат қонунларини, меҳнатни муҳофаза қилишни барча нормалари ва қоидаларини бажарилишини назоратини олиб боради. Давлат санитар-эпидемиологик назоратини Соғлиқни сақлаш вазирлиги органлари олиб боради. Бунда корхоналар томонидан санитар-гигиена ва санитар-эпидемияга қарши нормалар ва қоидаларни бажарилишини назорати олиб борилади. Энергетика вазирлиги қошидаги Давлат энергия назорати ускуналарни тўғри ўрнатиш ва электр ускуналардан тўғри фойдаланиш устидан назорат олиб боради. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғиндан сақлаш бошқармаси бино-иншоотларни қуриш, технология жараёнларини бажариш, технологик ускуналардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириб, технологик жараёнларни бажаришда, шунингдек, ускуналар, бино ва иншоотлардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларини бажарилиши устидан назоратни олиб боради.